Давлатимиз раҳбарининг 2006 йил 31 майда қабул қилинган "Умумтаълим мактаблари ўқувчиларини дарсликлар билан таъминлаш тизимини такомиллаштириш борасидаги қўшимча чоратадбирлар тўғрисида"ги қарори доирасида ташкил этилган мазкур анъанавий ярмаркада Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги тизимидаги «Ўзбекистон», «Ўқитувчи», Чўлпон ва Ғафур Ғулом номидаги нашриётматбаа уйлари, «Ўзбекистон миллий энциклопедияси» давлат илмий нашриёти томонидан нашр этилган 152 номдаги дарсликлар ҳамда сиёсий, ҳуқуқий, бадиий адабиётлар намойиш этилди. Шунингдек, «Шарқ», «Маънавият», «Турониқбол», «Янгийўл полиграф сервис» каби нашриётлар ҳам дарслик ва ўқув қўлланмалари билан қатнашди. Кўргазмага жами 332 номдаги беш минг нусхадан зиёд босма маҳсулотлар қўйилди.
— Ушбу кўргазма биз, ўқитувчилар учун ҳар томонлама фойдали бўлмоқда, — дейди Ғаллаорол тумани халқ таълими бўлими мутахассиси Иброҳим Омонов. — Кўргазмада дарслик ва ўқув қўлланмаларидан ташқари республикамиз нашриётларида чоп этилган янги бадиий ва илмий адабиётлар билан ҳам танишиш имконига эга бўлдик.
Тадбир доирасида янги китобларнинг такдимот маросимлари, муаллифлар, ёзувчи ва шоирлар билан учрашувлар бўлиб ўтди. Иштирокчиларга китобларни етказиб бериш бўйича шартнома тузиш тартиблари тўғрисида батафсил маълумотлар берилди.
Т.БЕКНАЗАРОВ, ЎзА мухбири.
Туркистон газетаси 2009 18 ноябрь











.jpg)





