Бош саҳифа > ЯНГИЛИКЛАР > Ўзбекистон Миллий кутубхонасида U-Report ёшлар ижтимоий инновацион лойиҳаси тақдимоти

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида U-Report ёшлар ижтимоий инновацион лойиҳаси тақдимоти
06.03.2019

2019 йил 6 март куни Ўзбекистон Миллий кутубхонаси “Жаҳон” ўқиш залида Ўзбекистондаги ЮНИСЕФ ташкилоти ваколатхонаси билан ҳамкорликда U-Report ёшлар ижтимоий инновацион лойиҳаси тақдимоти ўтказилди. U-Report лойиҳаси ЮНИCEФ (БМТ Болалар фонди) нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, халқ таълими вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ҳамкорлиги ва Ucell компанияси кўмагида амалга оширилмоқда.

Тақдимотни очиқ деб эълон қилар экан, U-Report лойиҳаси раҳбари Ж.Нуржанова лойиҳанинг мақсади ва вазифалари билан таништирди. “U-Report ёшлар ижтимоий инновацион лойиҳаси ҳафталик сўровномалар асосида ёшларни қизиқтирган ва улар ҳаётига даҳлдор долзарб масалаларда фикрларини ўрганиш ҳамда ижтимоий аҳамиятга эга маълумотларни тарқатиш  имконини беради.  Сўровнома натижалари  ёшлар сиёсати ҳамда ёшлар фаровон ҳаётига оид дастурлар, хизматлар, бошқа соҳаларни шакллантириш ва амалга оширишда манфаатдор томонлар томонидан  ўрганилиб чиқилади”, - деди Ж.Нуржанова.

U-Report ёшлар кўмитаси етакчиси М.Абидов лойиҳа ҳақида кўргазмали слайдлар ёрдамида гапириб берди. “Сўровнома натижалари реал вақт тартибда uzbekistan.ureport.in Ўзбекистондаги U-Report сайтида жамланиб борилади. Лойиҳада иштирок этиш аноним, бепул, мақсадли аудитория 14-30 ёшлилар. Каналга  мамлакатимиз бўйлаб барча вилоятлардан Телеграм, Фейсбук, СМС орқали уланиш мумкин (қисқа 1122 рақамига START сўзини SMS қилиб, Telegram даги @UreportUzbBot га START сўзини юбориб, Facebookдаги Massenger орқали  @UReportUzbekistan саҳифасига START сўзини юбориб). Турли секторлардаги вазиятни яхшилаш учун сўровлар натижалари ёшлар ҳамда қарорларни қабул қилишда иштирок этадиган шахслар орасида тарқатилади. Фикрларни йиғиш учун бериладиган саволлар соғлиқни сақлаш, таълим соҳалари, ёшлар орасидаги ишсизлик ва ёшларга тегишли бошқа масалаларни қамраб олиши мумкин”.

“Бугунги кунда U-Report платформаси 5 миллион нафардан ортиқ респондентларни ўз ичга олган дунёнинг 52 мамлакатида қўлланилади. Ўзбекистон бу лойиҳага 50 мамлакат сифатида кирган. Ушбу инновацион методология алоҳида ахборотларнинг сир сақланишини кафолатлайди, лекин айни пайтда умумлаштирилган маълумотлар билан жамоатчилик бемалол танишиш имконига эга бўлади. Олинган ахборот ёши, жинси ва минтақалар бўйича реал вақт тартибида таҳлил этилиб, ёшларга маслакдош тенгдошлари билан топишишда ва ёшларга доир муҳим масалаларга ҳукумат эътиборини жалб қилишга ёрдам беради”, - дея қўшимча қилди U-Report ёшлар кўмитаси аъзоси С.Аҳмедов.

Тақдимот иштирокчилари иштирокчилар ҳақидаги маълумотларнинг маҳфийлиги, жавобларнинг хавфсизлигининг таъминланганлиги, кўнгиллилар ҳаракатида иштирок этиш имкониятлари ва бошқа ўзларини қизиқтирган мавзуларда саволлар билан мурожаат қилдилар. Фаол иштирокчилар ташкилотчилар томонидан совғалар ва эсдаликлар билан тақдирландилар.

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси матбуот хизмати

КУТУБХОНА ТАВСИЯ ЭТАДИ
ТАҚВИМ