Бош саҳифа > ЯНГИЛИКЛАР > Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Central Asia – 2019”: Фан, таълим, маданият ва бизнесда интернет ва ахборот-кутубхона ресурслари” XIII Халқаро конференциясига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Central Asia – 2019”: Фан, таълим, маданият ва бизнесда интернет ва ахборот-кутубхона ресурслари” XIII Халқаро конференциясига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди
09.04.2019

2019 йил 9 апрель куни Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Central Asia – 2019”: Фан, таълим, маданият ва бизнесда интернет ва ахборот-кутубхона ресурслари” XIII Халқаро конференциясига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Анжуманда Ўзбекистон Миллий кутубхонаси раҳбар ва мутахассислари ҳамкор вазирлик ва идоралар вакиллари ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этдилар.

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директори У.Тешабаева тадбир иштирокчиларини қутлади ва уларга конференциянинг моҳияти, мақсади ва вазифалари ҳақида маълумот берди. “Central Asia – 2019: Фан, таълим, маданият ва бизнесда интернет ва ахборот кутубхона ресурслари” XIII Халқаро конференцияси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 25 февралдаги 133-ф-сонли Фармойишига мувофиқ бир қатор вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда 2019 йилнинг 24-26 апрель кунлари Хоразм вилоятининг Урганч шаҳрида ўтказилмоқда. Бу йилги конференцияда 10та хорижий давлатдан 26 та эксперт иштироки кутилмоқда. Маҳаллий мутахассислардан 80дан зиёд мақолалар келиб тушди. Улар конференция дастури ва конференция тўпламидан ўрин олади. Конференция доирасида ўтказилиши режалаштирилган ялпи мажлис, 4та шўъба, 1та маҳорат дарси ва 3та семинар-тренинг машғулотида мутахассислар соҳа фаолиятини тартибга солувчи янги меъёрий ҳужжатлар, янгиликлар, китобхонларга хизмат кўрсатишнинг инновацион усулларига доир миллий ва хорижий тажриба билан танишиш имконига эга бўладилар.

Мазкур конференция Ўзбекистон Республикаси Президенти Сирдарё вилояти тажрибасида илгари сурган 5 ташаббуснинг тўртинчисига, яъни аҳоли, айниқса, ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилишга ҳамоҳанг бўлиб, фан, таълим, маданият ва бизнес соҳаларида электрон ахборот ресурсларни ривожлантириш ва қўллашда ахборот-кутубхона муассасалари, ўқув юртлари, архивлар, музейлар ва бошқа ташкилотлар фаолиятининг ҳамжиҳатликда кўп йиллар самарали ҳамкорликда фаолиятларини кенгайтиришдан, кутубхоналар ишининг муаммолари, уларнинг инновацион ривожланиш йўлларини излашни мақсад қилиб олган.

Бу йилги конференция ўтган йилдагисидан китоб ва китобхонлик масалаларига,  соҳадаги муаммоларга алоҳида эътибор қаратилиши, Миллий умумтаълим электрон кутубхонаси UzNEL дастурининг ишлаш жараёни бўйича маҳорат дарслари МДҲ ва хорижий давлатлар Миллий кутубхоналар билан ҳамкорлик алоқаларининг янада мустаҳкамланиши, қолаверса мутахассисларининг юртимиз кутубхоначилик соҳасига қизиқиши билдирилаётганлиги билан аҳамиятлидир.

Конференция доирасида республикамизда ахборот-кутубхона муассасаларининг бугунги кундаги ҳолати, соҳада мавжуд долзарб муаммолар таҳлил қилиниши, тажрибалар алмашиниши, истиқболдаги режалар белгилаб олиниши ва ҳамкорликда фаолият юритиш механизми ишлаб чиқилиши режалаштирилмоқда”, - деди У.Тешабаева.

Социология фанлари доктори, профессор А.Умаров конференция тарихи ва ҳозирги нуфузи ҳақида алоҳида тўхталди. “Конференция ташкил этилган илк даврларда 7-8 нафар хорижий мутахассислар иштирок этган бўлса, ҳозирги кунда улар сони 25-30 нафарга етди. Конференциянинг ҳар йили турли вилоятларда ўтказилиши ўша вилоят ахборот-кутубхона соҳасининг жонланишига ва янада ривожланишига олиб келади”.

Тошкент шаҳар “Билим” ахборот-кутубхона маркази директори Ҳ.Каримова мазкур конференцияни таърифлар экан, уни соҳа тараққиётидаги аҳамиятини эътироф этди. “Мазкур конференция - олий минбардир. Зеро, унда ҳар бир мутахассиснинг фикри ва ташаббуси тингланади, муаммолар ечимини топади. Бу ёш мутахассисларимиз учун трамплин вазифасини ўтайди, чунки анжуманда иштирок этиш мақсади уларни ўз устида ишлашга ундайди ва пировардида юқори салоҳиятли мутахассислар кўпайишига сабаб бўлади”, - деди Ҳ.Каримова.

Ўзбекистон Фанлар академияси фундаментал кутубхонаси директори З.Бердиева конфенренциянинг мавқеи ва республикада соҳа ривожида тутган ўрнини таъкидлар экан, деди: “Конференция – бу маслакдош дўстлар учрашуви, тажриба алмашиш, малака ошириш майдонидир. Бунда нафақат мутахассилар, балки бошқа соҳа вакиллари, ота-оналар учун ҳам кўп фойдали маълумотлар мавжуд. Чунки китоб ўқиш ва мутолаа маданияти уйда, таълим муассасаларида шакллантирилади. Кутубхона эса мутолаа учун барча шароитларни тақдим этади”.

Матбуот анжумани иштирокчилари ташкил этилажак шўъбалар, хорижий иштирокчилар таассуротлари билан танишиш имкониятлари ва бошқа ўзларини қизиқтирган барча саволларга жавоб олдилар ва ташкилотчиларга омад тиладилар.

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси матбуот хизмати

КУТУБХОНА ТАВСИЯ ЭТАДИ
ТАҚВИМ