Бош саҳифа > ЯНГИЛИКЛАР > “Central Asia – 2019. ФАН, ТАЪЛИМ, МАДАНИЯТ ВА БИЗНЕСДА ИНТЕРНЕТ ВА АХБОРОТ-КУТУБХОНА РЕСУРСЛАРИ” XIII Халқаро конференцияси доирасида 1-шўъба йиғилиши

“Central Asia – 2019. ФАН, ТАЪЛИМ, МАДАНИЯТ ВА БИЗНЕСДА ИНТЕРНЕТ ВА АХБОРОТ-КУТУБХОНА РЕСУРСЛАРИ” XIII Халқаро конференцияси доирасида 1-шўъба йиғилиши
25.04.2019

2019 йил 25 апрель куни конференция доирасида шўъба йиғилишлари бўлиб ўтмоқда. Уларда мамлакатимиздаги ахборот-кутубхона муассасалари, нашриётлар, архивлар, музейлар ва АКТ мутахассислари, олимлар ва  тадқиқотчилар, ҳамда таълим муассасалари ўқитувчилари ўз маърузалари билан фаол иштирок этдилар.

“Жамиятнинг инновацион тараққиётида ахборот-кутубхона инфратузилмасининг роли” мавзусига бағишланган 1-шўъба йиғилишини Фарғона вилояти ахборот-кутубхона маркази директори Ш.Аслонов олиб борди.

Унда Назарбоев университети кутубхонасида Кутубхоналараро абонемент ва ҳужжатларни етказиб бериш хизматининг ҳозирги ҳолати, Қозоғистон Миллий электрон кутубхонасида сақланаётган Қозоғистон маданий ва илмий меросининг электрон ресурслари, кутубхоналарни Россия даврий нашрларининг электрон шакллари билан комплектлаш, Туркманистонда кутубхона ва кутубхоначилик иши мустақиллик йиллардаги фаолияти, Тошкентдаги Гёте институти янги кутубхонасининг кўпфункционал имкониятлари,  Бобур номидаги Андижон вилояти ахборот-кутубхона маркази фаолиятида инновацион ғоя ва технологияларнинг жорий этилиши, республикамизда узлуксиз – кутубхоначилик – библиографик таълимнинг долзарб масалалари, бадиий адабиёт орқали ёшлар тарбиясига таъсир ўтказиш воситалари, янги давр кутубхоналари, республикамиз Президенти томонидан илгари сурилган беш устувор йўналишлар ва беш ташаббусда ёшлар орасида мутолаа маданиятини тарғиб этишга қаратилган эътибор, Самарқанд вилоят ахборот-кутубхона маркази тажрибаси мисолида ўлкашунослик фаолиятининг замонавий шароитлари, Ўзбекистонда инновацион жамият шакллантириш жараёнида виртуал ярмаркаларни тадбиқ этиш ва маълумотларнинг ахборот базасини яратиш каби масалалар муҳокама қилинди. Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси бош мутахассиси Мухтарама Муратованинг Ахборот-таълим маконининг шаклланишида Ўзбекистон Миллий кутубхонаси тажрибасига бағишланган маърузасида китобхонларга ахборот-кутубхона ресурсларини танлашда кўмак бериш мақсадида бу ерда ташкил этилаётган тадбирлар, акциялар, лойиҳалар каби янгича ёндошувлар ҳақида маълумот берилди.

Шўъба йиғилиши сўнгида энг яхши маърузалар аниқланиб, маърузачилар дипломлар билан тақдирландилар.

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси матбуот хизмати

КУТУБХОНА ТАВСИЯ ЭТАДИ
ТАҚВИМ