Бош саҳифа > ЯНГИЛИКЛАР > Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Ўзбекистон халқ шоири Нормурод Нарзуллаев таваллудининг 85 йиллигига бағишланган библиографик шарҳ ва адабиётлар кўргазмаси

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Ўзбекистон халқ шоири Нормурод Нарзуллаев таваллудининг 85 йиллигига бағишланган библиографик шарҳ ва адабиётлар кўргазмаси
05.07.2019

2019 йил 5 июль  куни Ўзбекистон Миллий кутубхонаси “Ўзбекистон” ўқиш залида шоир ва таржимон Нормурод Нарзуллаев таваллудининг 85 йиллигига бағишланган библиографик шарҳ бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ходимлари ва кутубхона фойдаланувчилари иштирок этдилар. Библиографик шарҳни Ўзбекистон Миллий кутубхонаси нашриёти муҳаррири Даврон Мансуров олиб борди.

Ўзбекистон халқ шоири Нормурод Нарзуллаев 1934 йилнинг 7 июлида Қашқадарё вилоятида дунёга келди. Етти йиллик маълумотни ўз қишлоғидаги мактабда олгач, у Қарши педагогика билим юртида таҳсил олишни давом эттирди. 1956 йилда Самарқанд Давлат педагогика институтининг тамомлади. У турли йилларда вилоят газеталарида масъул лавозимларда хизмат қилди. 1968-1969 йилларда Алишер Навоий номидаги Самарқанд Давлат университетининг ўзбек адабиёти кафедраси аспирантурасида ўқиди.

Нормурод Нарзуллаевнинг илк шеърлари 1954 йилда вақтли матбуот саҳифаларида босилган. 1965 йилда Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида шоирнинг илк шеърий тўплами - «Суюнчи» босилиб чиқди. Бугунга қадар шоирнинг ўттизга яқин китоблари чоп этилган. У «Сизни Ватан эркалар» (1966), «Меҳр чашмаси» (1970), «Зарафшон зарлари» (1970), «Уфқларда кўзларим» (1973), «Ёғду» (1974), «Нигоҳлар» (1976), «Лаҳза ва ларза» (1973), «Севги сеҳри» (1981), «Оқ саманим» (1982), «Тонг элчиси» (1984), икки жилдли «Сайланма» (1984-1985), «Шамолни ушлаган бола» (1985), «Яхшилик деб яшайман» (1987), «Айни вақт» (1989), «Бош майдон» (1991) каби тўпламларнинг муаллифидир.

Нормурод Нарзуллаевнинг «Оқ фариштам, оппоқ фариштам» (1995), «Юрт ишқида ёнаман» (1996), «Бола кўзи билан кўринг дунёни» (1998) номли қўшиқлар тўпламлари Нарзий тахаллуси нашр этилди.

Таржимон Нормурод Нарзуллаевнинг Генрих Гейне, Максим Танк, Евгений Евтушенко, Жобир Наврўз, Қайсин Қулиев, Иброхим Юсупов, Андрей Дементев ва бошқа шоирлар ижодидан қилган таржималари ҳам, ўзбек китобхонларига манзур бўлиб кеелмоқда. Шу билан бирга унинг шеърлари инглиз, испан, француз, немис, чех, поляк, вьетнам, турк, ҳинд тилларига таржима қилинган.

Шунингдек, “Ўзбекистон” ўқиш залида Ўзбекистон халқ шоири Нормурод Нарзуллаев таваллудининг 85 йиллиги муносабати билан “Ижод билан мунаввар кўнгил”  деб номланган адабиётлар кўргазмаси очилди. Унда шоир ва таржимоннинг шеърий тўпламлари ҳамда шоир ва таржимон ижоди билан таништирувчи китоблар ўрин олган.

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси матбуот хизмати

КУТУБХОНА ТАВСИЯ ЭТАДИ
ТАҚВИМ