Бош саҳифа > ЯНГИЛИКЛАР > “ИНФОЛИБ” ахборот-кутубхона хабарномасининг навбатдаги сони қўлингизда

“ИНФОЛИБ” ахборот-кутубхона хабарномасининг навбатдаги сони қўлингизда
08.07.2019

Қадрли муштарийлар, журналимизнинг мазкур сонида ҳам кутубхоначилик соҳасида амалга оширилаётган лойиҳалар, аҳоли орасида мутолаа маданиятини тарғиб қилиш борасидаги бир қатор аҳамиятга молик мақолаларни ҳукмингизга ҳавола этмоқдамиз. Уларни ўқиш орқали кутубхоначилик соҳасида бир-биридан қизиқарли юртимиз ва халқаро миқёсда олиб борилаётган ишлар ва янгиликлар билан танишишингиз мумкин. Хусусан, жорий йилнинг 24–26 апрель кунлари Хоразм вилоятининг Урганч шаҳрида анъанавий “Central Asia – 2019: Фан, таълим, маданият ва бизнесда интернет ва ахборот-кутубхона ресурслари” XIII халқаро конференцияси юксак савияда ўтказилди. Унда хориждаги нуфузли кутубхоналарда фаолият юритаётган соҳа вакиллари ҳамда маҳаллий ахборот-кутубхона соҳаси мутахассислари қатнашдилар. Журналимиз саҳифаларида мазкур конференция тафсилотлари билан батафсил танишишингиз мумкин.

“Минбар” рукни остида Россия Фанлар Академиясининг Сибирь Давлат илмий-техника кутубхонаси илмий ишлар бўйича директор ўринбосари, педагогика фанлари доктори Наталья Редькинанинг бугунги ахборот коммуникация технологиялари ривожланган даврда анъанавий ахборот шакллари ва иш услубларини замонавийлаштириш, ишлаб чиқариш даврийлигини оптималлаштириш ва тақдим этилаётган ахборот маҳсулотлари хизматини кенгайтириш каби масалалар бўйича фикрлари ўрин олган.

Журнални кузатиб бораётган мухлисларга яхши танишки, ҳар бир сонда “Меҳмон” рукни остида фан ва жамоат арбоблари билан суҳбат ташкил этилмоқда. Бизнинг бу галги меҳмонимиз “Академнашр” нашриёти директори Санжар Назаровдир. Суҳбатдошимиз билан бугунги кунда китоб нашр этишда ноширларнинг энг оғриқли нуқталари, таржима адабиёти, китобдаги хато ва камчиликлар, нашриёт ва муаллифлар ўртасидаги муносабатлар ҳақида суҳбатлашдик.

“Халқаро амалиёт” рукнида эса Латвия Миллий кутубхонаси директори Андрис Вилкснинг 1998 йилда Латвия Миллий кутубхонасининг янги биносини барпо этиш бўйича ташкил этилган жамоатчилик кенгаши ҳақидаги лойиҳалари, АҚШнинг Портленд шаҳридаги Малтнома ҳудудий кутубхонаси бош ижрочи директори Меррис Сумраллнинг АҚШда ҳудудий кутубхоналарга ҳукумат томонидан молиявий кўмак беришда жиддий муаммоларга дуч келинаётгани ва бу айрим кутубхоналарнинг ёпилишига сабаб бўлаётгани ҳақида сўз боради.

Журналимизнинг бу сонида Ярослав Мудрий номидаги Украина Миллий кутубхонаси етакчи мутахассиси Лилия Прокопенко Украина Миллий кутубхонасининг бошқа кутубхона муассасаларига қараганда мураккаб бўлган функциялари, Россия давлат кутубхонасининг диссертациялар бўлими мудири, бошқарма бошлиғи Ирина Сакирко 1944 йилда ташкил этилган Россия давлат кутубхонаси диссертациялар фондининг бугунги кундаги фаолияти, Қозоғистон Республикаси Миллий академик кутубхонасининг электрон ресурсларни бошқариш хизмати раҳбари Саулеш Назирова Миллий электрон кутубхоналарни яратишнинг аҳамияти ва афзалликлари ҳақида батафсил маълумот берганлар.

Журнални варақлар экансиз, Тошкент давлат шарқшунослик институти профессори, тарих фанлари доктори Шамсиддин Камолиддиннинг мақоласида ҳозирги даврда Республикамиз миқёсида нодир қўлёзмаларни тўплаш ва илмий жиҳатдан ўрганиш бўйича олиб борилаётган илмий ишлар хусусида танишишингиз мумкин. XIX аср охири – XX аср бошларида дипломатик ёзишмаларда фойдаланилган штемпелли қоғоз турлари бўйича қизиқарли маълумотларни Бухоро давлат университети тадқиқотчиси Ойбек Қиличевнинг мақоласида ўқишингиз мумкин. “E-LINE PRESS” акционерлик жамиятининг ахборот ресурслари бўйича етакчи мутахассиси Фарҳод Қўчқоров илм-фан ва таълимни янада ривожлантириш учун миллий индексни яратиш зарурлиги ҳақида ўз мулоҳазалари билан ўртоқлашади. Ташкил этилганига 85 йил тўлган Республика илмий педагогика кутубхонаси фаолияти ҳақида кутубхона директори Доно Ғаниеванинг мақоласида тўлақонли ахборот берилади.

Қадрли муштарийлар, юртимиз ва дунё кутубхоналарининг фаолияти, уларнинг тажрибалари ҳақида батафсил маълумотга эга бўлишни истасангиз журналимизнинг ҳар бир сонини кузатиб боринг! Мақолаларга ўзингизнинг қимматли фикр-мулоҳазаларингизни билдирасиз деган умиддамиз. Фикрларингиз, таклифларингиз бизнинг кейинги фаолиятимизда, албатта, ўз ифодасини топади.

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси матбуот хизмати

КУТУБХОНА ТАВСИЯ ЭТАДИ
ТАҚВИМ