Бош саҳифа > ЯНГИЛИКЛАР > Ўзбекистон Миллий кутубхонасида брифинг бўлиб ўтди

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида брифинг бўлиб ўтди
09.08.2019

2019 йил 9 август куни Ўзбекистон Миллий кутубхонаси Медиамарказида  Ахборот-кутубхона муассасалари мутахассисларини касбий малакасини ошириш бўйича масофавий ўқитиш тизимини яратишга ҳамда Болалар ва ёшларни ўқишга жалб қилиш учун энг яхши методик ишланма/лойиҳа бўйича Республика танловига бағишланган брифинг ташкил этилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳамда  тегишли вазирлик ва идоралар мутасадди раҳбарлари, Ўзбекистон Миллий кутубхонаси мутахассислари ва ОАВ вакиллари иштирок этдилар.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Китоб савдоси ва ахборот-кутубхона ресурслари бўлими бошлиғи В.Хамидов брифинг иштирокчиларини қутлади ва уларни ахборот-кутубхона муассасалари мутахассисларини касбий малакасини ошириш бўйича масофавий ўқитиш тизими моҳияти ҳақида батафсил маълумот бериб ўтди. “Ахборот-кутубхона ходимлари ўқув курсларининг янги шакллари жорий қилиш,  замонавий ахборот-коммуникация технологияларини қўллаган ҳолда ахборот-кутубхона мутахассисларини малакасини ошириш масофадан амалга оширилиши кўзда тутилмоқда. Мутахассисларни масофадан малакасини ошириш курслари махсус ўқув дастури асосида олиб борилади. Ўзбекистон Миллий кутубхона мутахассислари томонидан ўқув курсининг ўқув дастури, машғулотларни тасвирга олиш жадвали, маърузалар матни, ҳар бир мавзу бўйича тест ва ўқув режаси ишлаб чиқилди. Масофадан ўқитиш тизимига Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ахборот-кутубхона марказлари мутахассислари жалб қилиниб, ўқув машғулотлари интерактив усулда амалга оширилади. Интерактив усулда амалга оширилиши режалаштирилган масофавий ўқув курслари мавзулари соҳанинг долзарб йўналишларига қараб босқичма-босқич кўпайтирилади ва ўқув машғулотларига мутахассисларни жалб қилиш оширилиши кўзда тутилган.”, - дея хабар берди В.Хамидов.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги  Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги В.Ахмедова брифинг қатнашчиларига “Болалар ва ёшларни ўқишга жалб қилиш учун энг яхши методик ишланма/лойиҳа бўйича Республика танлови” ҳақида ахборот берди. “Давлатимиз раҳбари илгари сурган 5та ташаббус доирасида Бўка тумани марказида Маданият ва маърифат экопарки барпо этилди. Президентимиз ушбу истироҳат боғига ташриф буюриб, ёшлар учун яратилган шароитлар билан яқиндан танишди. Ҳудудларга китоб етказиб бериш яхшилиги,  лекин уларни ўқиш, ўқитиш етарли даражада эмаслигини таъкидлаб ўтдилар. “Болаларни боғча ёшидан, бошланғич синфлардан кичик-кичик китобларга ўргатиш, шу орқали уларни китобсевар этиб улғайтириш зарур. Шундагина жамиятимизда китобхонлик муҳити шаклланади, бошқалар ҳам китоб ўқишга қайтади”,  - деди давлатимиз раҳбари. Шунингдек, илмий ёндашувлар асосида китоб ўқиш методикаси ҳамда қайси ёшда қандай асарларни ўқиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш зарурлигини таъкидлаб ўтдилар. Мазкур вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида, “Болалар ва ёшларни ўқишга жалб қилиш учун энг яхши методик ишланма/лойиҳа” бўйича Республика танлови эълон қилиш режалаштирилмоқда, ҳозирги кунда мазкур лойиҳанинг Низоми ишлаб чиқилди. Мазкур Низом асосида Танловда турли вазирлик ва идораларнинг ахборот-кутубхона муассасалари мутахассислари, докторантлар, магистрантлар ва олий ўқув юртлари талабалари, китобларни оммалаштириш ва фуқароларнинг мутолаага бўлган қизиқишни ошириш билан шуғулланадиган мутахассислар иштирок этишлари мумкин. Танлов ҳақида эълон 2019 йил 15 августгача Оммавий ахборот  воситалари, давлат ҳокимияти органларининг расмий веб-сайтларида бериб борилади ”, - деди В.Ахмедова.

Тошкент шаҳар “Билим” ахборот-кутубхона маркази директори Ҳ.Каримова сўзга чиқар экан,  ушбу ўқув курси ташкилотчиларига миннатдорлигини билдириб, ўқув курси ҳақида ўз фикрларини баён қилди. “Ахборот-кутубхона муассасалари мутахассисларини касбий малакасини ошириш бўйича масофавий ўқитиш тизими вилоят ахборот-кутубхона марказларининг мутахассислари учун самаралидир. Улар ўз иш жойларидан ажралмаган ҳолда масофавий ойлайн малака ошириш имкониятига эга бўлишади, бу албатта ҳам вақт, ҳам маблағни тежайди. Малака оширишга эҳтиёжи бўлган ахборот-кутубхона мутахассислари сонини кўпайтиради, бир вақтнинг ўзида барча кутубхоначилар онлайн малака ошириш ва ўқиш имкониятига эга бўлади. Масаланинг ижобий тарафини ўрганган ҳолда, салбий тарафлар ҳам келиб чиқади. Масалан, ахборот-кутубхона марказларида моддий-техник базанинг етишмаслиги, интернет тезлиги пастлиги онлайн ўқув тизимида узилишлар бўлиши мумкин”, - деди у.

Шунингдек тадбир иштирокчилари томонидан  ўқув курсини тамомлаган ва якуний назорат тест синовини муваффақиятли топширган тингловчиларга бериладиган сертификат қандай кучга эга бўлиши, номутахассислиги бўлган ахборот-кутубхона мутахассисларини қайта тайёрлаш масаласи ҳақида саволлар берилди.

Тадбир иштирокчилари ўзларини қизиқтирган барча саволларга жавоб олдилар ва брифинг ташкилотчиларига миннатдорлик билдирдилар.

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси матбуот хизмати

КУТУБХОНА ТАВСИЯ ЭТАДИ
ТАҚВИМ