Бош саҳифа > ЯНГИЛИКЛАР > Ўзбекистон Миллий кутубхонаси нашриёти «Китоблар олами 2017» I Халқаро китоблар кўргазма-ярмаркасида иштирок этмоқда

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси нашриёти «Китоблар олами 2017» I Халқаро китоблар кўргазма-ярмаркасида иштирок этмоқда
15.08.2017

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси нашриёти «Китоблар олами - 2017» I Халқаро китоблар кўргазма-ярмаркасида иштирок этмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2017 йил 12 январда қабул қилинган «Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида»ги фармойишида белгиланган вазифалар доирасида ташкил этилган ярмарканинг мақсади - кенг омма ва соҳа мутахассисларини китоб ноширлигининг янги тенденциялари билан таништириш, матбаа, босмахона маҳсулотлари ва жиҳозларини намойиш этишдан иборат.

Кўргазма-ярмарка доирасида китоб ноширчилиги, Ўзбекистон адабиётига бағишланган конференциялар, шоир ва ёзувчилар билан учрашувлар, танловлар, ҳомийлар ва ҳамкорлар томонидан ташкил этилган турли совринли ўйинлар ўтказилиши режалаштирилмоқда. Шунингдек, томошабинлар эътиборига миллий ва халқаро нашриётлар, ижодий уйлар, босмахона ускуналари, рақамли ва фото нашрга мўлжалланган технология ва ускуналар ҳамда турли мавзудаги китоблар тақдим этилади. Кўргазма меҳмонлари нафақат босма китоблар, балки электрон китоблар, аудио ва видео воситалари билан ҳам танишадилар.

«Китоблар олами - 2017» I Халқаро китоблар кўргазма-ярмаркасида Ўзбекистон Миллий кутубхонаси нашриётида чоп этилган 100 дан зиёд номланишдаги китоблар, полиграфия маҳсулотлари ва босма нашрлар китобсеварлар эътиборига ҳавола этилмоқда. Айниқса, Ўзбекистонда кутубхона соҳаси ривожи билан таништирувчи “Инфолиб” журнали, Ўзбекистон Миллий кутубхонаси фаолияти билан таништирувчи флайерлар ва плакатлар томошабинлар томонидан катта қизиқиш билан қарши олинди. Кўргазма-ярмаркада нашриётда чоп этилган болалар китоблари, жаҳон классик адабиёти вакиллари асарлари ва бошқа нашрлар ўрин олган. Фестиваль қатнашчилари Ўзбекистон Миллий кутубхонасида чоп этилган нашрларга алоҳида эътибор қаратдилар, кутубхона вакилларига ўз саволлари билан мурожаат этдилар ва уларни харид қилиш истагини билдирдилар.

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси матбуот хизмати

КУТУБХОНА ТАВСИЯ ЭТАДИ
ТАҚВИМ