Бош саҳифа > ЯНГИЛИКЛАР > “INFOLIB – 2017”  VI Миллий ахборот- кутубхона ҳафталиги доирасида халқ амалий санъати усталари билан учрашувлар ва маҳорат дарслари бўлиб ўтди

“INFOLIB – 2017”  VI Миллий ахборот- кутубхона ҳафталиги доирасида халқ амалий санъати усталари билан учрашувлар ва маҳорат дарслари бўлиб ўтди
03.11.2017

“INFOLIB – 2017”  VI Миллий ахборот- кутубхона ҳафталиги доирасида ҳафта давомида параллель тадбирлар бўлиб ўтди. Шундай тадбирлардан бири “Санъат сехри” деб номланган кўргазмадир. Унда Ўзбекистон Миллий кутубхонасининг фойесида М.Мамажонов, С.Бадалбоев, Р.Зокиров, У.Тохиров, А.Саидалиев каби Ўзбекистон амалий санъат усталарининг кўргазмаси намойиш этилди.

 

Тадбирдан кўзланган мақсад – Ўзбекистон Миллий кутубхонаси меҳмонларини, Ҳафталик қатнашчиларини, ёшларни миллий анъаналаримизнинг намуналари: кулолчилик, ёғоч ўймакорлиги, хаттотлик, ганч ўймакорлиги, наққошлик,  миллий чолғу асбоблар намуналари билан таништириш ва унинг ижодкорлари билан яқиндан таништириш.

Айтиш жоизки, қадимдан инсонларнинг ўз турмушини нафис безашга интилиши Ўзбекистон халқ усталарининг ижодидан ва декоратив-амалий санъатининг кўп қиррали намуналаридан сезилиб туради. Ганч ўймакорлиги экспозициясида сербезак бўртма нақш услубидаги ўсимликсимон геометрик арабескалар шаклида тақдим этилган.

 

Ўзбекистон қадимдан ёғоч ўймакорлиги билан машҳур. Ўсимлик ва геометрик орнаментлардан қилинган нақш тўпламлари меъморий қисмлар билан биргаликда уй жиҳозларини ҳам безаган. Ёғоч ўмакорлиги жуда кенг кўламда ишлаб чиқарилган – катта устунлар ва шифт тўсинларидан тортиб, то унча катта бўлмаган уй жиҳозларигача – сандиқчалар, ғаладонлар, қаламдонлар, хонтахталар, миллий чолғу асбоблари шулар жумласидандир.

 

Бадиий кулолчилик халқ санъатининг энг кенг тарқалган турларидан бири.    Ўзбекистоннинг ҳар бир кулолчилик марказида ўзига хос бўлган ранг ва орнамент ечимлари юзага келган. Техник ечимлар каби – мўйқалам билан бўяш, қолиплаш ва гравировка – маҳсулотларнинг шакли ҳам кўп эмас.

 

Кўргазма доирасида Ўзбекистон халқ устаси, Ўзбекистон Бадиий Академияси ижодкорлар уюшмаси аъзоси, Ўзбекистон ҳунармандлар уюшмаси фахрий аъзоси, уста кулол Махмуджон Мамажонов,  Ўзбекистон Бадиий Академияси Олтин медали соҳиби, Миср Араб Республикаси Олий таълим вазирлигининг олтин медали соҳиби, Ўзбекистон ҳунармандлар уюшмаси фахрий аъзоси, уста хаттот Салимжон Бадалбоев, Ўзбекистон Бадиий Академияси ижодкорлар уюшмаси аъзоси, “Эътироф-2017” йил  ғолиби, халқ чолғу асбоблари устаси Раҳматилла Зокиров, Ўзбекистон Бадиий Академияси ижодкорлар уюшмаси аъзоси, уста ганчкор Умар Тохиров, Япония шаҳри экспо –марказида бўлиб ўтган кўргазманинг 3-ўрин соҳиби, Туркманистон, Қозоғистон, Россия давлатларида бўлиб ўтган кўргазмалар лауреати Абдукарим Саидалиевлар томонидан маҳорат дарслари ўтказилди. Унда усталар ўз хунарларининг сир-асрорлари билан таништирдилар.

 

Ушбу кўргазмамиз орқали амалий санъат турига мансуб бўлган моҳир уста ва шогирдларининг бир-биридан ёрқин ҳамда сержило санъат асарларини кўришингиз мумкин.  

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси матбуот хизмати

КУТУБХОНА ТАВСИЯ ЭТАДИ
ТАҚВИМ