Бош саҳифа > ЯНГИЛИКЛАР > “Ногиронлиги бўлган шахсларга ахборот-кутубхона хизмати кўрсатиш тизимини такомиллаштириш” мавзусида давра суҳбати

“Ногиронлиги бўлган шахсларга ахборот-кутубхона хизмати кўрсатиш тизимини такомиллаштириш” мавзусида давра суҳбати
08.06.2018

2018 йил 8 июнь куни Ўзбекистон Миллий кутубхонасида ногиронлиги бўлган шахсларга ахборот-кутубхона хизмати кўрсатиш тизимини такомиллаштириш масалаларига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Конунчилик палатасининг Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари кўмитаси билан ҳамкорликда ўтказилган давра сухбатида тегишли давлат хокимияти ва  бошқаруви органлари мутасаддилари ҳамда манфаатдор шахслар иштирок этдилар.

 

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директори А.Абдуазизов мазкур тадбирнинг моҳияти, бугунги кунда долзарблиги ҳақида гапирди ва унинг ижтимоий ҳимояга мухтож фойдаланувчилар учун аҳамияти ҳақида алоҳида тўхталди. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Конунчилик палатаси кўмитаси раиси И.Абдуллаев ногиронлиги бўлган шахсларга Қонунчилик палатаси томонидан уларнинг турмуш даражаси ва сифатини янада яхшилаш, уларга тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш, бундай шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини рўёбга чиқаришга, жамиятдаги фаол позициясини шакллантиришга кўмаклашиш борасида амалга оширилаётган ишлар билан таништирди.

 

Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги бош директорининг ўринбосари С.Шукуров сўзга чиқиб, мамлакатимизда бу борада олиб борилаётган ишлар ҳусусида сўзлади. “Бугунги кунда юртимизнинг ахборот-кутубхона муассасаларида имконияти чекланган шахслар учун ахборот-кутубхона хизматлари спектрларини кенгайтириш бўйича тизимли ишлар йўлга қўйилган. Ҳусусан, ахборот-кутубхона муассасаларидаги ўқиш залларида мазкур шахслар ахборот-ресурсларидан сифатли фойдаланиши учун ихтисослаштирилган жойларнинг ташкил этилиши, эшитиш қобилияти паст, кўзи ожиз бўлган фойдаланувчилар учун овозни компьютер орқали чиқариш учун маҳсус дастурларини давлат тилида яратишнинг дастурий таъминоти ва компьютерлашган операцион тизимнитакомиллаштириши ҳамда эркин тарқатиш борасида амалий ишлар олиб борилмоқда”, - деди С.Шукуров.

 

Давра суҳбатида Ўзбекистон Миллий кутубхонаси Маълумотнома-ахборот хизматлари кўрсатиш хизмати раҳбари Қ.Нуримова кутубхонада ногиронлиги бўлган шахсларга ахборот-кутубхона хизмати кўрсатиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди. “Ўзбекистон Миллий кутубхонасида жисмоний имконияти чекланган фойдаланувчиларга қулай шароитлар яратилган. Булар, ногиронлар аравачаларида ташриф буюрувчи фойдаланувчиларга қулайлик яратиш мақсадида эшик остоналари текис ва равон қурилганлиги, махсус лифтларнинг мавжудлиги, лифтлар кенг ва аравачада юрувчилар учун қулай тарзда ўрнатилганлиги. Шунингдек, кўзи ожиз фойдаланувчилар учун 8 та махсус компьютер брайл ёзувига мўлжалланган клавиатуралари билан, Jaws дастури ва тифлофлешплеерлар ҳамда бўртма нуқтали ёзув кўринишида чоп этиш учун 1 та махсус принтер каби техник жиҳозлар хизмат кўрсатмоқда”.

 

Иштирокчилар мамлакатимизда мазкур йўналишда олиб борилаётган ислоҳотлар туфайли ногиронлиги бор шахсларни рўйхатга олиш тизимида катта натижаларга эришилганини алоҳида қайд этишди. Бу борада ногиронлиги бор шахсларни қамраб оладиган ягона мажмуавий тизимнинг электрон формати яратилганлиги, бу ўз навбатида уларга самарали ахборот хизматлар кўрсатилиши ҳамда ахборот-кутубхона хизматларидан кенг кўламда фойдаланишини таъминлайди.

Давра суҳбати давомида соҳада мавжуд муаммолар, камчиликлар муҳокама этилди ва уларни бартараф этиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилди. Олий Мажлиси Конунчилик палатаси депутати Н.Акбаров ахборот-кутубхона муассасалари мутахассислари саволларига атрофлича жавоб берди ва ҳамкорликда ишлашга тайёрлигини маълум қилди.

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси матбуот хизмати

КУТУБХОНА ТАВСИЯ ЭТАДИ
ТАҚВИМ