Бош саҳифа > ЯНГИЛИКЛАР > Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Тарих-ўтмиш ва келажак” деб номланган адабиётларнинг очиқ кўргазмаси

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Тарих-ўтмиш ва келажак” деб номланган адабиётларнинг очиқ кўргазмаси
13.06.2018

2018 йил 13 июнь куни Ўзбекистон Миллий кутубхонаси “Илм” ўқиш залида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, тарих фанлари доктори, профессор Ҳамид Зиёев таваллудининг 95 йиллиги муносабати билан “Тарих-ўтмиш ва келажак” деб номланган адабиётларнинг очиқ кўргазмаси очилди.

 

Тарихчи олим, профессор Ҳамид Зиёев 1923 йили Тошкент шаҳрида туғилган. 1946 йилда Тошкент педагогика институтининг тарих факультетини тугатгач, 1950 – 1963 йилларда Ўзбекистон Фанлар академияси Тарих ва археология институти илмий ходими, 1964 – 1965 йилларда янги тарих шўъбаси мудири, 1965 – 1985 йилларда илмий ишлар бўйича директор ўринбосари, 1996 йилдан буён эса Ўзбекистон Фанлар академияси Тарих институтида етакчи илмий ходим вазифасида меҳнат қилиб келган.

Ҳамид Зиёевнинг илмий ишлари Ўрта Осиё, Россия ва Шарқий Туркистон тарихи, XIV – XX асрлардаги Ўзбекистон тарихини ўрганишга бағишланган. Ҳамид Зиёев Туркистон мустамлака даври тарихи муаммолари билан боғлиқ тадқиқотлар олиб борган. 1998 йилда “Туркистонда Россия тажовузи ва ҳукмронлигига қарши кураш (XVIII – XX аср бошлари)”, 1999 йилда “Истиқлол маънавият негизи”, 2000 йилда “Тарих — ўтмиш ва келажак”, 2001 йилда “Ўзбекистон мустақиллиги учун курашларнинг тарихи” каби китоблари чоп этилган.

 

Тарихчи олим, профессор Ҳамид Зиёевнинг Ўзбекистон тарихини ўрганишга бағишланган меҳнатлари муносиб тақдирланиб, у 1989 йилда  Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби унвони билан, 1994 йилда эса «Жасорат» медали билан мукофотланган.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, тарих фанлари доктори, профессор Ҳамид Зиёев таваллудининг 95 йиллиги муносабати билан “Тарих-ўтмиш ва келажак” деб номланган адабиётларнинг очиқ кўргазмасига ташриф буюрган кутубхона фойдаланувчилари олимнинг ҳаёти ва илмий фаолияти ҳақида ҳикоя қилувчи китоблар, унинг илмий асарлари ва мақолалар билан яқиндан таниш имкониятига эга бўлдилар.

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси матбуот хизмати

КУТУБХОНА ТАВСИЯ ЭТАДИ
ТАҚВИМ