Бош саҳифа > ЯНГИЛИКЛАР > Ашурали Жўраевнинг “Одил Ёқубов хазинасидан” деб номланган китоби тақдимоти бўлиб ўтди

Ашурали Жўраевнинг “Одил Ёқубов хазинасидан” деб номланган китоби тақдимоти бўлиб ўтди
13.06.2018

2018 йил 13 июнь куни Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист Ашурали Жўраевнинг Ўзбекистон халқ ёзувчиси Одил Ёқубов хотирасига бағишланган “Одил Ёқубов хазинасидан” деб номланган китоби тақдимоти бўлиб ўтди. Тадбирда адиблар, Одил Ёқубов ижоди ихлосмандлари, журналистлар, талабалар ва кутубхона фойдаланувчилари иштирок этдилар.

“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси бош мухаррири Ў.Мирзаёр тадбир иштирокчиларини қутлади ва уларга Ўзбекистон халқ ёзувчиси Одил Ёқубов ҳаёти ва ижоди ҳақида маълумот берди. “Одил Ёқубов 1926 йили Қозоғистонда хизматчи оиласида туғилди. Унинг илк йирик асари - «Тенгдошлар» қиссаси 1951 йилда босилиб чиқди. Адибнинг йирик асари - «Кўхна дунё» романида Ўрта Осиёнинг икки буюк алломаси Беруний ва Ибн Сино ҳаёти ва фожиали тақдирлари қаламга олинади. Уларнинг жаҳон илм-фани тараққиётига қўшган буюк ҳиссаларини кўрсатишга интилади. Шунингдек, Одил Ёқубов замонавий мавзуларда ҳам «Диёнат», «Оққушлар, оппоқ қушлар»  “Тенгдошлар” каби йирик асарлар яратган. Агар ёзувчи «Диёнат» романида адолатнинг ноҳақлик, тубанлик устидан ғолиб келишини кўрсатган бўлса, «Оққушлар, оппоқ қушлар» романида турғунлик даври иллатларини рўй-рост гавдалантириб берган. Унинг «Адолат манзили» номли романида миллий мустақиллик йўлидаги кураш ва адолатнинг ғолиб ва қутлуғ йўли улуғланади”, - деди Ўктам Мирзаёр.

 

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директори А.Кучимов А.Жўраевнинг “Одил Ёқубов хазинасидан” деб номланган китобидан ўрин олган маълумотлар, китобнинг мазмуни ва тузилиши ҳақида ҳикоя қилди. “Китобда машҳур адибнинг 1982-1987 йилларда “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида Бош муҳаррир вазифасида ишлаган даврида олиб борган қизғин ва шижоатли фаолияти, ҳамкасблари ва шогирдларига бўлган самимий муносабати, меҳрибонлиги, инсоний ва адабий сабоқларини муаллиф меҳр билан қаламга олган. Китоб Одил Ёқубовнинг ҳақиқий ва фидойи мухлислари  ҳамда адабиёт, матбуот ихлосмандларига мўлжалланган”, - дея мухтасар қилди А.Кучимов.

Тадбирда Ўзбекистон халқ ёзувчиси Одил Ёқубов хотирасига бағишланган, унинг меҳнат фаолияти, ижоди, инсоний хислатлари ҳақида ҳикоя қилувчи “Табаррук адиб” номли хужжатли фильм намойиш этилди.

Тадбирга Ўзбекистон халқ ҳофизи О.Сафаров ижросидаги ашулалар ўзгача руҳ бағишлади. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Г.Умарова ва Ё.Хўжамбердиевлар ҳамда китоб муаллифи А.Жўраевлар Ўзбекистон халқ ёзувчиси Одил Ёқубов ҳақидаги хотиралари билан ўртоқлашдилар.

Китобда замонавий ўзбек адабиёти намояндаларининг адиб ҳақидаги фикрлари ўрин олган. “Одил Ёқубов “қаҳрамон”га айланган чоғда мен ич-ичимда буюк қаноатни туяман ва мақтангим келади: “Ёзувчилар борки, дуруст ёзадилар. Аммо шахс сифатида... гап­лашгинг келмайди. Улар сизу бизга дўст ҳам бўлолмайдилар. Чунки одамга “материал” деб қарашади, ўзлари билмаган ҳолда... Ҳа, Шахс – Ёзувчилар кам бўлар экан: хайрият, биттаси ёнимизда...” (Шукур Холмирзаев)

“Боланинг жуда эрта китобга меҳри тушди. У ҳали ҳарфларни танимасдан олдин китобнинг “мазаси”ни билиб қолди. Китоб меҳрини, завқини унинг жажжи юрагига бобоси олиб кирган эди. Бобоси диний ва замонавий илмдан хабардор эди. Бухорода таълим олгани боис арабчани яхши билар, ўқиш жараёнида таржима қилиб кетарди. Меҳмонхонада жам бўлиб китоб тинглаётганлар орасида бола ҳам бор эди. У бобосининг тиззасига ёнбошлаб, дос­тонлар, эртаклар қаҳрамонлари билан хаёлан “кўришиб”, жангу жадалларда ҳам “қатнашиб”, ҳис-ҳаяжонга тўлиб-тошиб тингларди...”, - дея намуна келтирди “Ёзувчи” ҳикоясидан А.Жўраев.

Тақдимот иштирокчилари ўзларини қизиқтирган барча саволларга жавоб олдилар ва ўз таассуротлари билан ўртоқлашдилар.

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси матбуот хизмати

КУТУБХОНА ТАВСИЯ ЭТАДИ
ТАҚВИМ