Бош саҳифа > ЯНГИЛИКЛАР > Чингиз Айтматов асарлари

Чингиз Айтматов асарлари
11.07.2018

Чингиз Айтматов номини илк бор дунёга машҳур қилган асар “Жамила” қиссаси бўлди. 1958 йилда ёзилган бу қисса, икки йил ичида ўттизга яқин тилга ўгирилди. Асарни француз тилига ўгирган Луи Арагон уни “Муҳаббат ҳақида ёзилган жаҳондаги энг ажойиб қисса” дея эътироф этади ва ҳатто ўз таржимасининг номини ҳам шундай атади.

Бу барча урф-одатлар ва қарашларга қаршилик кўъсатган ёш қирғъз аёли ҳақидаги ҳикоядир. Жамиланинг характерида эркакларга хос хатти-ҳаракатлар, қандайдир қўрслик ва қўполлик сезилар эди. У кучли, ғайратли, дўстона, лекин айни пайтда шафқатсиз ва адолатли бўлган. Унинг севмаган эрининг уйида ўзини камтарона тутишида уни тенгдошлари ва қариндошларидан ажратиб турган бир нарса бор эди.

Жамила ногиронлиги туфайли урушдан қайтиб келган камтар йигит -  Дониёр тимсолида уни қаттиқ сева оладиган, уни тушунадиган ва инсон деб биладиган дўстни топди. Дониёр – ҳамиша ўз ҳаёллари билан банд, маъюс ва мунгли кўзли йигитдир. Уларни қалблар яқинлигидан ташқари  халқ қўшиқларига бўлган қизиқиш ҳам боғлаб туради. Қиссада Жамила ва Дониёрнинг беғубор, покиза муҳаббатлари мисолида инсон эрки ва ҳуқуқи, асрий одатлари кўрсатилган.

Қиссани сўзлаб берувчи - акасининг хотини Жамилани ҳаммадан қизғанган Сеит исмли 15 ёшли ўсмир йигитча, уни негадир Дониёрдан рашк қилмайди. Ўсмир бу нафақат севги, балки кўп асрлик урф-одатларга қарши чиқа олган икки юракнинг севгиси эканлигини англар. Ўсмир қалбида уруш туфайли сўнган рассомлик қобилияти қайта уйғонади. У Жамила ва Дониёрнинг суратини чизишни ўзига ваъда беради ва буни уддалайди.

 

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси матбуот хизмати

КУТУБХОНА ТАВСИЯ ЭТАДИ
ТАҚВИМ