Бош саҳифа > ЯНГИЛИКЛАР > Чингиз Айтматов таваллудининг 90 йиллиги муносабати билан “Умрбоқий асарлар муаллифи” деб номланган китоб-расмли кўргазма

Чингиз Айтматов таваллудининг 90 йиллиги муносабати билан “Умрбоқий асарлар муаллифи” деб номланган китоб-расмли кўргазма
10.07.2018

2018 йил 10 июль куни  Ўзбекистон Миллий кутубхонаси “Ўзбекистон” ўқиш залида “Умрбоқий асарлар муаллифи” деб номланган китоб-расмли кўргазма очилди. Кўргазма Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 2 апрелдаги «Буюк адиб ва жамоат арбоби Чингиз Айтматов таваллудининг 90 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилган бўлиб, унда адибнинг ҳаёти, ижод йўли ва асарларига бағишланган китоблар, даврий нашрлар ва фотосуратлар ўрин олган.

Қирғизистон халқ ёзувчиси Чингиз Айтматов 1928 йил 12 декабрда Қирғизистоннинг Талас водийсидаги Шакар овулида туғилди. Чингизнинг онаси Наима Айтматова ўқимишли, оқила аёл эди. Бўлажак адибга болалик йилларида бувиси Ойимхон ая ва унинг қизи Қорақиз опа кўпдан-кўп ривоят, афсона, қўшиқлар айтиб беришди. Ёзувчи асарларига болаликдан эшитган шу ривоятларнинг муайян таъсири бўлса, ажаб эмас.

Чингиз Айтматов аввал рус мактабида ўқиди, сўнг қирғиз мактабида ўқишни давом эттирди. У 1956-1958 йилларда Москвада Ёзувчилар уюшмаси қошидаги олий адабиётчилар курсида таҳсил олди. Чингиз Айтматов турли йиллар давомида Қирғизистондаги етакчи адабий журнал “Литературный Киргизистан”нинг бош муҳаррири, “Правда” рўзномасининг Қирғизистондаги мухбири, Қирғизистон кинематографчилар уюшмаси бошқарувининг раиси бўлиб ишлади. У жумҳурият киноси ривожига ҳам катта ҳисса қўшди.

Адиб номини илк бор халқаро миқёсда машҳур қилган асар “Жамила” қиссаси бўлди. Чингиз Айтматовнинг қарийиб ҳамма асарлари ўзбек тилида нашр этилган. У ўзбек адабиёти, умуман, ўзбек маданияти тарихини юксак баҳолар, минтақамиз тинчлиги ва осойишталиги, унинг келажаги ва равнақи, халқларимиз ўртасида дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, уларни турли зиддият ва қарама-қаршиликлардан асраш йўлида фидокорона фаолият олиб борди. Чингиз Айтматов Ўзбекистон Республикасининг «Дўстлик» (1995), «Буюк хизматлари учун» (1998) орденлари билан мукофотланган. Қирғизистон Республикасида Халқаро Чингиз Айтматов номидаги «Олтин медал» мукофоти таъсис этилган (1999).  Атоқли адиб нафақат қирғиз элининг, балки бутун дунёнинг буюк шахси эди. Унинг кўплаб асарлари дунёнинг қатор тилларига таржима қилиниб, китобхонлар эътирофига сазовор бўлган.

Чингиз Айтматов таваллудининг 90 йиллиги муносабати билан  “Умрбоқий асарлар муаллифи” деб номланган китоб-расмли кўргазмага ташриф буюрган кутубхона фойдаланувчилари адибнинг “Жамила”, “Сарвқомат дилбарим”, “Бўтакўз”, “Биринчи муаллим”, “Момо ер”, “Сомон йўли”, “Алвидо, эй Гулсари”, “Оқ кема”, “Соҳил ёқалаб чопаётган олапар”, “Асрга татигулик кун”, “Қиёмат”, “Кассандра тамғаси”, “Чўққида қолган овчининг оҳу зори” асарлари, қиссалари, ҳикоялари тўпламлари ва публицистик мақолалари билан яқиндан танишдилар. 

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси матбуот хизмати

КУТУБХОНА ТАВСИЯ ЭТАДИ
ТАҚВИМ