Бош саҳифа > ЯНГИЛИКЛАР > Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Миллат муаллими” мавзусида библиографик шарх бўлиб ўтди

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Миллат муаллими” мавзусида библиографик шарх бўлиб ўтди
12.07.2018

2018 йил 12 июль куни Ўзбекистон Миллий кутубхонаси “Ўзбекистон” ўқиш залида маърифатпарвар, журналист, давлат ва жамоат арбоби Абдулла Авлоний таваллудининг 140 йиллигига бағишланган “Миллат муаллими” мавзусида библиографик шарх бўлиб ўтди. Унда ахборот-кутубхона муассасалари мутахассислари ва кутубхона фойдаланувчилари иштирок этдилар.

Библиографик шарҳни Ўзбекистон Миллий кутубхонаси нашриёти муҳаррири Жавлон Жовлиев олиб борди. “Ўзбек миллий маданиятининг машҳур вакилларидан бири маърифатпарвар шоир, драматург, журналист, олим, давлат ва жамоат арбоби Абдулла Авлоний 1878 йилнинг 12 июлида Тошкентда, тўқувчи оиласида дунёга келди. Унинг ота-онаси саводли инсонлар эдилар.У болалигидан ишлаш ва пул топишга мажбур бўлса ҳам, эски мактабда, сўнг мадрасада ўқиди. Мустақил мутолаа билан шуғулланди. Араб, форс, рус тилларини ўрганди. Қисқа муддат ичида у маърифатпарвар сифатида танилди ва ўлкадаги ижтимоий-маданий ҳаракатчиликнинг фаол намояндаларидан бирига айланди. 1909 йилда мактаб-маориф ишларига ёрдам берувчи «Жамияти хайрия» очиб, етим болаларни ўқитди. 1905-1917 йилларда матбуотда ўз шеърлари билан фаол иштирок этди. 1907 йилда “Шухрат” деб номланган газетага асос солди”, - дея йиғилганларни Абдулла Авлоний ҳаёти ва фаолияти билан таништирди у.

 

Унинг маданиятимиз тарихидаги ўрни ҳақида гап кетганда, икки жиҳатини алоҳида таъкидлаш зарур: педагогик фаолияти ва адабий-бадиий ижоди. Авлоний мактаби гуманистик ва эркин тарбия асосига қурилган, дунёвий ва илғор илм-фанни болаларга ўргатишни ўз олдига асосий вазифа қилиб қўйган ҳақиқий халқ мактаби бўлди. Адиб бу мактаблар учун дарсликлар тузди. У таълим жараёнига шарқ ва ғарб тилларини ўқитишни, география, кимё, астрономия, физика фанларини ўқитишни ва йил оҳирида имтиҳон қабул қилишни жорий этиб, Туркистон таълим тизимини янги даражага кўтарди. Адабиётда Авлоний Ҳижрон, Набил, Индамас, Шуҳрат, Тангриқули, Сурайё, Шапалоқ, Чол, Аб, Чегабой, Абдулҳақ тахаллуслари билан шеър, ҳикоялар ва мақолалар ёзган. Шуни айтиш керакки, Авлоний анча мураккаб ҳаёт ва ижод йўлини босиб ўтди. У адабиётга ғоявий курашлар ғоят кескинлашган бир даврда кириб келди. Ҳеч иккиланмасдан маърифат ва тараққиёт учун курашишини маслак этиб қабул қилди. 1909 йилда у жадидчилар мактабига асос солди.

 

Авлоний Беҳбудий билан биргаликда «Турон» ўзбек театр труппасига асос солди ва “Падаркуш” пьесасини қўйди. «Адабиёт ёхуд миллий шеърлар» номли тўрт қисмдан иборат шеърий тўпламининг биринчи жузъини нашр қилдирди. Тараққийчи шериклари билан биргаликда «Нашриёт» (1914), «Мактаб» (1916) ширкатларини тузди. «Тараққий», «Шуҳрат» (1907), «Осиё» (1908), «Турон» (1917) газеталарини чиқарди. 1918 йилда Туркистон Шўролар ҳукуматининг биринчи газетаси «Иштирокиюн»нинг ташкилотчиларидан ва унинг биринчи муҳаррирларидан бўлди. У турли масъулиятли лавозимларда хизмат қилди, қайси вазифада ишламасин илм-маърифат тарқатиш, таълим-тарбия масалалари билан шуғулланиб келди, билим юртларида, олий мактабларда ўқитувчилик қилди. 1930—34 йилларда Ўрта Осиё давлат университетида кафедрага мудирлик қилди.

 

Авлоний «Адвокатлик осонми?», «Пинак» комедиялари, 1914—17 йилларда ёзган «Биз ва Сиз», «Португалия инкилоби», «Икки севги» каби фожеавий асарлари билан ўзбек драматургиясининг майдонга келиши ва театрчиликнинг халқ орасига томир отишига муҳим ҳисса қўшди. 1909 йили Туркияда юз берган «Ёш турклар» инқилоби («Икки севги») ҳақида ёзиб, адабиётимизда мавзу ва ғоялар кўламини кенгайтирди.

Библиографик шарҳ доирасида Абдулла Авлонийнинг адабий фаолиятига бағишланган “Миллат муаллими” деб номланган китобларнинг очиқ кўргазмаси очилди.

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси матбуот хизмати

КУТУБХОНА ТАВСИЯ ЭТАДИ
ТАҚВИМ