Бош саҳифа > ЯНГИЛИКЛАР > Ўзбекистон Миллий кутубхонаси “Санъатга пайванд кўнгил” деб номланган китоб-расмли кўргазма очилди

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси “Санъатга пайванд кўнгил” деб номланган китоб-расмли кўргазма очилди
08.09.2018

2018 йил 8 сентябрь куни Ўзбекистон Миллий кутубхонаси “Ўзбекистон” ўқиш залида Ўзбекистон халқ ёзувчиси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби Раҳмат Файзий таваллудининг 100 йиллиги муносабати билан “Санъатга пайванд кўнгил” деб номланган китоб-расмли кўргазма очилди. Кўргазмада адибнинг сара асарлари ҳамда унинг ҳаёти ва ижоди ҳақида ҳикоя қилувчи китоблар ўрин олган.

Ўзбекистон халқ ёзувчиси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, таниқли кинодраматург Раҳмат Файзий (Файзиев Раҳмат Файзиевич) 1918 йили Тошкентда туғилган. У ўрта мактабни тугатиб, Тошкент темир йўли қошидаги фабрика ва заводлар илмгоҳида таҳсил олди, уни тамомлагач эса электр-механика техникумида ўқиди. Раҳмат Файзий 1937 йилда “Ленин учқуни”, бир йилдан сўнг “Ёш ленинчи” каби республика газеталари таҳририятларида меҳнат фаолиятини бошлаган. Турли йилларда “Фрунзевец” (1943), “Қизил Ўзбекистон” (1944-1951, “Совет Ўзбекистони”) газеталарида ишлайди, 1951-1954 йилларда “Шарк юлдузи” журнали бўлим мудири, 1957-1959 йилларда “Ўзбекистон маданияти” газетаси муҳаррири сифатида фаолият юритган. Раҳмат Файзий 1962 йилдан 1965 йилгача “Ўзбекфильм” киностудиясига сценарий муҳаррирлик коллегиясида бош муҳаррири вазифасида ишлайди. 1965-1974 йилларда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари, 1974 йилдан Бутуниттифоқ Муаллифлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш агентлигининг Ўзбекистон бўлими раҳбари лавозимида фаолият юритган.

Раҳмат Файзийнинг дастлабки шеърий машқлари, лавҳа, очерклари ҳам газеталар саҳифаларида эълон қилинди ва унинг қалами йилдан-йилга чархланиб борди. Иккинчи жаҳон урушидан кейинги тинч қурилиш йилларида ёзувчи «Тўй тўёнаси» (1951), Мирзачўлни ўзлаштираётган ёшларга бағишланган «Чўлга баҳор келди» (1951), «Повесть ва ҳикоялар» (1954), «Шоҳи дарпарда» (1958) каби қисса, очерк ва ҳикоялар тўпламлари билан элга танилди. Ижодкорнинг «Текин музқаймоқ», «Менинг бобом», «Чўнтак», «Нафиса» каби ҳикоялари болаларни миллий руҳда тарбиялашга хизмат қилади.

1969 йилда ёзилган, уруш йилларида тарли миллатга мансуб 15 нафар болани оиласига олган Шоаҳмад Шомаҳмудов ва Баҳри ая Аҳмедовалар прототипи асосида яратилган, темирчи Маҳкам ота ва Меҳринисо опа ҳаёти орқали оддий кишилар қаҳрамонлиги акс эттирилган «Ҳазрати Инсон» романи Раҳмат Файзийга катта шуҳрат келтирди, турли тилларга таржима қилинди, кўп давлатларда чоп этилди ва катта нуфузли мукофотларга сазовор бўлди. Адиб киносценарийлари асосида ишланган “Сен етим эмассан” ва “Қайдасан, Зулфия?” бадиий фильмлари ўзбек миллий киноси ривожига салмоқли ҳисса бўлиб қўшилди.

Ўзбекистон халқ ёзувчиси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби Раҳмат Файзий таваллудининг 100 йиллиги муносабати билан “Санъатга пайванд кўнгил” деб номланган китоб-расмли кўргазмада адибнинг “Чўлга баҳор келди”, “Биринчи хат”, “Ҳазрати Инсон”, “Ҳаётнинг туғилган куни”, “Таъзим”, “Дўстлар меҳри”, “Кишиларимиз қиссаси” каби китоблари ҳамда сара асарларини ўз ичига олган тўпламлари тақдим этилган.

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси матбуот хизмати

КУТУБХОНА ТАВСИЯ ЭТАДИ
ТАҚВИМ