Бош саҳифа > ЯНГИЛИКЛАР > Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Толстой – это целый мир» (Толстой – бу бутун дунё) деб номланган китоб-расмли кўргазма очилди

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Толстой – это целый мир» (Толстой – бу бутун дунё) деб номланган китоб-расмли кўргазма очилди
09.09.2018

2018 йил 9 сентябрь куни Ўзбекистон Миллий кутубхонаси “Истиқбол” ўқиш залида рус ёзувчиси Лев Николаевич Толстой таваллудининг 190 йиллиги муносабати билан “Толстой – это целый мир» (Толстой – бу бутун дунё) деб номланган китоб-расмли кўргазма очилди.

Рус ёзувчиси Лев Николаевич Толстой 1828 йил 9 сентябрда Тула губернияси Ясная Поляна қишлоғида туғилган. 1844—1847 йилларда Қозон университетининг араб-турк ва ҳуқуқшунослик факультетларида ўқиган. Лев Толстой 1855 йилда Петербургга бориб, Н. А. Некрасовнинг «Современник» («Замондош») журнали ва журнал атрофидаги ёзувчилар (И.С.Тургенев, И.А.Гончаров, Н.Г.Чернышевский ва б.) билан ҳамкорлик қилган.

Болалик кезларида рус ва араб халқ эртаклари, А.С.Пушкин шеърлари, шунингдек, Юсуф ҳақидаги Инжил ривояти таъсирида шеърлар ёзган. Биринчи йирик асари — «Инсон камолотининг тўрт даври» автобиографик асари («Болалик», 1852; «Ўсмирлик», 1852-54; «Ёшлик», 1855-57; «Йигитлик», ёзилмай қолган). Толстой ўз ижодида руҳий ҳаёт лавҳалари ва маиший турмуш тафсилларини тарихий воқеаларнинг кенг манзараси, ҳаётнинг ахлоқий-фалсафий асослари тасвири билан уйғунлаштиришга ҳаракат қилади. Толстой ижодида шакллана бошлаган бу ижодий тамойил «Казаклар» қиссаси (1863)да, айниқса, яққол кўринади. Рус ва жаҳон адабиёти хазинасидан мустаҳкам ўрин олган «Уруш ва тинчлик» (1863—69) эпопеяси Толстойнинг 60-йилларда ижодий камолотга эришганидан шаҳодат беради. Бу билан у кўплаб қаҳрамонлар иштирок этган эпик воқеалар билан бирга қаҳрамонларнинг руҳий тасвирлари илк бор катта маҳорат билан уйғунлашган тарихий роман жанрини яратди.

Толстойнинг 70-йиллар ижодида «Анна Каренина» романи алоҳида мавқега эга. Мазкур романда Толстойнинг жамият ҳаётида кечаётган нохуш жараёнлар ҳақидаги изтиробли ўйлари акс этди. Романда Каренинлар, Облонскийлар ва Левинлардан иборат 3 оиланинг бир-бири билан чатишган, аммо мустақил сюжет чизиғига эга бўлган тарихи тасвир этилган.  Унинг «Иқрорнома» (1880), «Эътиқодим нимада?» (1884), «Иван Ильичнинг ўлими» (1886), «Крейцер сонатаси» (1889) қиссалари, айниқса, эътиборга лойиқ.Толстой 80-йилларда драматургия жанрларида ҳам ижод қилиб, «Зулмат ҳокимияти» (1886) драмаси ва «Маърифат мевалари» (1890) комедиясини ёзади. Унинг сўнгги йирик асарларидан бири — «Тирилиш» романида Толстой ижтимоий адолатсизликка асосланган жамиятнинг ички, маънавий асосларини очиб ташлайди. «Ҳожимурод» (1896— 1904) қиссасида Толстой диндор ёзувчи сифатида кишилар руҳиятидаги зиддиятларни тасвир этибгина қолмай, ўзи ҳам жамият ва кишилар ҳаётидаги бундай зиддият ва майллардан жароҳатланганини тасвирлайди. Ёзувчидаги мураккаб руҳий ҳолат унинг сўнгги асарлари («Тирик мурда», 1890; «Балдан сўнг», 1903 ва б.) да ҳам акс этган.

Рус ёзувчиси Лев Николаевич Толстой таваллудининг 190 йиллиги муносабати очилган китоб-расмли кўргазмага ташриф буюрган фойдаланувчилар адибнинг асарлари ва у нинг ҳаёти ва ижодига бағишланган китоблар билан яқиндан танишдилар.

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси матбуот хизмати

КУТУБХОНА ТАВСИЯ ЭТАДИ
ТАҚВИМ