Бош саҳифа > ЯНГИЛИКЛАР > Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Очиқ эшиклар” ҳафталиги бўлиб ўтмоқда

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Очиқ эшиклар” ҳафталиги бўлиб ўтмоқда
10.09.2018

2018 йил 10-14 сентябрь кунлари Ўзбекистон Миллий кутубхонасида янги ўқув йили бошланиш муносабати билан “Очиқ эшиклар” ҳафталиги бўлиб ўтмоқда.

Ҳаётимизда фан ва илғор технологияларнинг тараққий этиб бораётганини инобатга олган ҳолда, ёшларнинг интеллектуал ва маънавий салоҳиятини ошириш, уларни ҳар томонлама ривожланган баркамол авлод бўлиб етишиши мақсадида ҳукуматимиз томонидан таълим соҳасини ислоҳ қилишга катта эътибор қаратилмоқда. Бу борада таълим ва маънавий тарбияни узвий олиб бориш устувор вазифалардан бири ҳисобланади. Шунингдек, янги ахборот технологияларин ўзлаштиришга ҳам катта эътибор қаратилмоқда. Ёшлар орасида илмга бўлган интилиш мустақиллик даврида олиб борилган ислоҳотларнинг самарасидир.

Тадбирдан кўзланган мақсад: фойдаланувчиларни Ўзбекистон Миллий кутубхонасида хизмат кўрсатишдаги кенг имкониятлар билан таништириш. Ўзбекистон Миллий кутубхонаси таълим сифатининг ошишига ижобий таъсир кўрсатаётган, дарсларга мустақил тайёргарлик кўриш жараёнига, ижодий фикрлашга кўмак бераётган, маънавий-маърифий тадбирларни ташкил этаётган маънавият ўчоқларидан бири ҳисобланади. Кутубхона имкониятлари билан яқиндан танишишнинг учун энг қулай йўли - “Очиқ эшиклар куни”га ташриф буюришдир.

Ҳафталик доирасида қуйидаги тадбирлар туркуми ташкил этилмоқда:

-кутубхона бўйлаб танишув экскурсиялари;

-кутубхонага ташриф буюрган фойдаланувчилар орасида сўровнома;

-“Адабий  устахона” туркум  тадбирлар доирасида мактабларга ташриф;

-кутубхона фойесида фойдаланувчилар ўртасида “Севимли китобингни тавсия эт” номли акция.

Ҳафталик доирасида фойдаланувчиларга кутубхона тарихи, фаолияти ва ресурслари билан таништирувчи экскурсиялар, тақдимотлар ўтказилмоқда. Улар илмий-таълимий хорижий электрон базалар билан ишлаш бўйича Миллий кутубхонанинг ахборот ресурсларидан,  яъни босма ва электрон нашрлардан ҳамда электрон ва анъанавий каталоглардан, картотекалардан фойдаланиш,  керакли ресурсларни излаш, уларга буюртмани расмийлаштириш, инфо-киоск, интернет ва WI-FI хизматларидан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишмоқдалар.

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида ташкил этилган “Очиқ эшиклар” ҳафталиги жорий йилнинг 14 сентябрига қадар ўз ишини давом эттиради.

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси матбуот хизмати

КУТУБХОНА ТАВСИЯ ЭТАДИ
ТАҚВИМ