Бош саҳифа > ЯНГИЛИКЛАР > Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Ҳар бир рангда ҳақиқат бор” деб номланган китоблар кўргазмаси бўлиб ўтди

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Ҳар бир рангда ҳақиқат бор” деб номланган китоблар кўргазмаси бўлиб ўтди
12.09.2018

2018 йил 12 сентябрь куни Ўзбекистон Миллий кутубхонаси “Ўзбекистон” ўқиш залида  Шавкат Раҳмон таваллуд кунига бағишланган “Ҳар бир рангда ҳақиқат бор” деб номланган китоблар кўргазмаси бўлиб ўтди. Кўргазмада шоирнинг тириклик даврида ва ўлимидан сўнг нашр этилган асарлари ҳамда китобхонларни унинг ҳаёти ва ижоди билан таништирувчи китоблар ва газета мақолалари тақдим этилган.

 

Истеъдодли шоир Шавкат Раҳмон 1950 йилнинг 12 сентябрида Ўш вилоятида туғилган. 1966 йилда ўрта мактабни тугатгач, қурилишларда, вилоят газеталари босмахоналарида ишлайди. 1973 йилда Москвадаги М.Горкий номидаги Адабиёт институтини битиргач, Тошкентга кўчиб келиб, Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида муҳаррир ва бўлим бошлиғи, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида масъул ходим бўлиб ишлайди.

Шавкат Раҳмоннинг илк шеърлари Ўш вилоят газеталарида чоп этилган. «Рангли лаҳзалар» деб номланган илк шеърий тўплами эса 1978 йилда чоп этилган. Шоирнинг «Юрак қирралари» (1981), «Очиқ кунлар» (1983), «Гуллаётган тош» (1984), «Уйғоқ тоғлар» (1986), «Ҳулво» (1988) каби бир қатор шеърий тўпламлари босилиб чиққан. Шоирнинг ўзи тайёрлаган «Сайланма» тўплами 1997 йилда унинг вафотидан сўнг дунё юзини кўрди. Ундан Шавкат Раҳмоннинг хасталик даврида битилган шеърлари ўрин олган.

 

Шавкат Раҳмон таржимон сифатида таниқли испан шоири Лорканинг гўзал шеърларини рус ва испан тилларидан ўзбек тилига таржима қилиб, икки марта нашр эттиради ва ўзбек ўқувчисининг маънавий дунёсини бойитишга ҳиссасини қўшган. Шавкат Раҳмон адабиётда ўзининг шахс ва ижодкор сифатидаги йўлини аниқ белгилаб ола билди. У ижодда қатъий мезонларга таянади, ундан заррача ҳам оғишмайди, юксак идеалларни куйлайди. Унинг шеъриятида кескин сўзлар хосдир. Унинг асарларида ўз қалби, қиёфаси, аъмоли ва ботини акс этган. Шавкат Раҳмон – ҳақиқатпараст шоир. У дунёга ўзгача нигоҳ, теран назар билан қарайди. У хақсевар бир шоир сифатида замондошларининг диёнатли, орли аждодларга муносиб бўлишини истаган.

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси матбуот хизмати

КУТУБХОНА ТАВСИЯ ЭТАДИ
ТАҚВИМ