Бош саҳифа > ЯНГИЛИКЛАР > Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Тараққиёт стратегияси ва замонамиз қаҳрамони” ижтимоий лойиҳаси асосида чоп этилган асарлар тақдимоти бўлиб ўтди

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Тараққиёт стратегияси ва замонамиз қаҳрамони” ижтимоий лойиҳаси асосида чоп этилган асарлар тақдимоти бўлиб ўтди
05.10.2018

2018 йил 5 октябрь куни Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Тараққиёт стратегияси ва замонамиз қаҳрамони” ижтимоий лойиҳаси асосида Ғафур Ғулом номидаги нашриёт матбаа-ижодий уйи томонидан чоп этилган асарлар тақдимоти бўлиб ўтди. Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги билан ҳамкорликда ўтказилган тадбирда ноширлар, Ғофур Ғулом номидаги нашриёт матбаа-ижодий уйи ходимлари, адиблар, китобсеварлар ва кутубхона фойдаланувчилари иштирок этишди.

Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги Бош директори ўринбосари С.Шукуров китобхонларни янги нашрлар билан қутлаб, муаллифларни таништирди. “Бугун Ғофур Ғулом номидаги нашриёт матбаа-ижодий уйи томонидан ёзувчи Қўрчқор Норқобилнинг “Бу ерларда ҳаёт бошқача”, Исажон Султоннинг “Ҳазрати Хизр изидан”, Луқмон Бўрихоннинг “Титраётган тоғ”, Абдуқаюм Йўлдошевнинг “Осмон оғуши” номли асарлари тақдимоти бўлиб ўтяпти.  Муаллифлар ўз асарларида Жамиятимизнинг турли жабҳаларида фидойиларча меҳнат қилаётган замондошларимизнинг бадиий мукаммал образларини яратишга, уларнинг кундалик ҳаётини, ўй-фикрларини, ҳаёт синовларига дуч келганда тутган йўлини тасвирлашга ҳарақат қилишган. Шубҳасиз, уларнинг барчаси ёшларга ижобий таъсир уларни ҳаётда теран фикрлар ва тўғри яшашга ундайди”.

Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети профессори, филология фанлари доктори Баҳодир Карим асарлар ҳақида ўз фикрларини баён қилар экан, жумладан, деди: “Ушбу асарлардан турли соҳаларда ўз касбининг моҳир устаси, замон билан ҳамнафас, халқ учун, Ватан учун яшайдиган оддий инсонларнинг ҳаёти рангли бўёқларда тасвирланади. Асарлар қаҳрамонлари ўз мақсадларига етишгунча йўлида учраган барча машаққатларни енгиб, тобланиб замонамизнинг ҳақиқий қаҳрамонига айланади”.

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, филология фанлари номзоди, Ўзбекистон Республикаси ФА Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти катта илмий ходими Сувон Мели муаллифларнинг маҳоратини алоҳида эътироф этар экан, “Асарлардаги воқеликлар муаллифларнинг ўз ҳаётидан, кузатувларидан келиб чиқиб ёзилганлиги уларнинг ҳаққонийлигини таъминлаган”, - деди.

Китобхонлар муллифларга ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат этдилар ва уларга жавоблар олдилар, уларга миннатдорликларини билдирдилар ва ижодий баркамоллик тиладилар.

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси матбуот хизмати

КУТУБХОНА ТАВСИЯ ЭТАДИ
ТАҚВИМ