Бош саҳифа > ЯНГИЛИКЛАР > “Infolib Uzbekistan” VII Миллий ахборот- кутубхона ҳафталиги доирасида “Журналист суриштируви: тажриба ва таҳлил” номли амалий қўлланма тақдимоти

“Infolib Uzbekistan” VII Миллий ахборот- кутубхона ҳафталиги доирасида “Журналист суриштируви: тажриба ва таҳлил” номли амалий қўлланма тақдимоти
15.10.2018

2018 йил 15 октябрь куни “Infolib Uzbekistan”  VII Миллий ахборот- кутубхона ҳафталиги доирасида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Муҳаммаджон Обидовнинг “Журналист суриштируви: тажриба ва таҳлил” номли амалий қўлланмасининг тақдимоти бўлиб ўтди. Тадбирда журналистика соҳасининг фидоийлари, талабалар ва Ҳафталик қатнашчилари иштирок этдилар.

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директор ўринбосари У.Тешабаева тадбир иштирокчиларини қутлади ва Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Муҳаммаджон Обидовнинг “Журналист суриштируви: тажриба ва таҳлил” номли амалий қўлланмаси ОАВда журналист суриштируви жанрининг қўлланиши мавзуси  бағишланганини ва унда муаллиф ўз фаолияти давомида ўтказган журналистик суриштирувларни ўқувчилар  ҳукмига ҳавола этилаётганини айтиб ўтди.

Аҳмад ал-Фарғоний номидаги Фарғона вилоят ахборот-кутубхона маркази директори Ш.Асланов тадбир иштирокчиларини М.Обидовнинг фаолияти билан таништирар экан, деди: “Муаллиф узоқ йиллик ҳаётий тажрибаси асосида, реал воқеалар, тарихий жараёнлар, аниқ шахслар мисолида тадқиқ этилган журналист суриштирувини самимият ва ҳақгўйлик билан тасвирлайди. Китобни варақлар экансиз, журналист касбининг машаққатлари, суриштирув даврида унга нисбатан тазйиқ ва ошкоралик учун курашнинг барча заҳматларини ҳис қиласиз. Муаллифни нафақат иқтидорли журналист, балки пок қалбли, ватанпарвар сифатида кашф этасиз”.

Тақдимот маросимида журналист ва ёзувчи Хуршид Дўстмуҳаммад, ЎзАА Бош директори А.Кучимов, Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори Ш.Қудратхўжаев ва бошқалар сўзга чиқиб, устоз журналист Муҳаммажон Обидовнинг касбий маҳорати, педагогик ёндошуви ва бой тажрибаси ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашдилар.

 “Журналистик текшируви Қонунда иккита модда билан таъминланганлиги, журналистларга янада кенг имкониятлар яратади. Муҳаммаджон Обидов бу соҳада катта ишлар қилган, айнан шу йўналишда ёшларга билим бериб келаётган тажрибали журналистдир”, - деди журналист ва ёзувчи Хуршид Дўстмуҳаммад .

Тадбир иштирокчилари ўзларини қизиқтирган барча саволларга батафсил жавоблар олдилар ва устоз журналиснинг дастхатлари қўйилган китобларга эга бўлдилар.

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси матбуот хизмати

КУТУБХОНА ТАВСИЯ ЭТАДИ
ТАҚВИМ