Бош саҳифа > ЯНГИЛИКЛАР > Ўзбекистон Миллий кутубхонасида кутубхона менежменти бўйича маҳорат дарси бўлиб ўтди

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида кутубхона менежменти бўйича маҳорат дарси бўлиб ўтди
29.12.2018

2018 йил 29 декабрь куни Ўзбекистон Миллий кутубхонасига Қозоғистон Республикаси Миллий академик кутубхонаси директори Муналбаева Умуткан Дауренбековна ташриф буюрди. Ташриф доирасида кутубхона раҳбарлари билан учрашув бўлиб ўтди. Шунингдек у кутубхона мутахассислари учун кутубхона менежменти бўйича маҳорат дарси ўтказди.

У.Муналбаевани қутлар экан, Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директори А.Абдуазизов халқларимизнинг қўшничилик муносабатларини ва Ўзбекистон Миллий кутубхонаси билан Қозоғистон Республикаси Миллий академик кутубхонаси ўртасида ривожланиб бораётган самимий алоқаларни алоҳида таъкидлади. “Ўзбек ва қозоқ халқлари ўртасидаги яхши қўшничилик алоқалари тобора кучайиб бораётгани қувонарлидир. Бу бизга иқтисодий ва маданий алоқаларни ривожлантириш учун янада яқинроқ иш олиб боришга имкон беради. Ахир, бизнинг халқларимиз ажралмас, бизни қариндош-уруғлик муносабатлари ва кўп асрлик урф-одатлар ва анъаналар уйғунлиги боғлаб келмоқда. Бугун биз Сизни кутубхонамизда кўришдан мамнунмиз ва Сизга катта маънавий туҳфа учун ўз миннатдорлигимизни билдирамиз”.

Қозоғистон Республикаси Миллий академик кутубхонаси директори У.Муналбаева дўстлик ва ҳамжихатлик руҳида барқарор тараққий этиб бораётган ўзбек-қозоқ халқларининг урф-одатлари ва анъаналарининг ўзаро яқинлиги, тарихи, маданияти ва қадриятларининг ўхшашлиги ҳақида гапирди. “Ўзбекистон ва Қозоғистон халқларининг тили, урф-одатлари, тарихи, маданияти ва қадриятлари тарихи узоқ ўтмишга эга. Умид қиламизки, биз биргаликда имзолаган Меморандум қадимий алоқаларимизни қайтадан тиклашга замин яратади, кутубхоналаримиз ўртасида китоб алмашинувини амалга оширилишига хизмат қилади. Шу муносабат билан бугун Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасига туркийшунослик ва туркийшунослик тарихини ўрганишга, Абай ҳаёти ва ижодига бағишланган, интеллектуал мактаблар ҳамда қозоқ халқининг миллий маданий қадриятлари ва адабий мероси билан таништирувчи китобларни туҳфа  этишга ижозат бергайсиз”.

У.Муналбаева кутубхона мутахассислари учун кутубхона менежменти бўйича маҳорат дарси ўтказди. “Бугунги кунда кутубхона мутахассисининг касбий таълим даражасига ва унинг янгиланиб бораётган билим ва интуициясига талаблар тобора юқори қўйилаётган бир пайтда, соҳада муайян меъёрлар ва қолиплар бўлмаган янгича фикрлаш тарзи ва соҳа ходимларининг касб маҳорати алоҳида аҳамият касб этмоқда. Кутубхонани янгилаш ва унинг рақобатдошлигини оширишда кутубхона менежменти (бошқаруви) алоҳида ўрин тутади. Кутубхонани бошқаришнинг ўзига хослиги амалий муаммоларни янгича ёндошув билан ҳал этилишидадир. Кутубхона менежери асло раҳбар бўлиши шарт эмас, бу - кутубхонада эришилган натижаларга ўз ҳиссасини қўшиш учун масъулият ҳисси бўлган шахсдир”.

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси мутахассислари У.Муналбаевага интерфаол услубда ўтилган маҳорат дарси учун миннатдорлик билдирдилар ва ўз таассуротлари билан ўртоқлашдилар.

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси матбуот хизмати

КУТУБХОНА ТАВСИЯ ЭТАДИ
ТАҚВИМ