Бош саҳифа > ЯНГИЛИКЛАР > Ўзбекистон Миллий кутубхонасида академик Абдулла Аъзамнинг “Муножотнома” номли китоби тақдимоти бўлиб ўтди

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида академик Абдулла Аъзамнинг “Муножотнома” номли китоби тақдимоти бўлиб ўтди
08.02.2019

2019 йил 8 февраль куни Ўзбекистон Миллий кутубхонасида академик  Абдулла Аъзамнинг  “Муножотнома” номли китоби тақдимоти бўлиб ўтди. Давлат арбоби, буюк шоир ва мутафаккир, ғазал мулкининг султони Алишер Навоий таваллудининг 578 йиллигига бағишланган мазкур тадбирда адабиётшунос, математик олимлар, тилшунослар, талаба ёшлар ва кутубхона фойдаланувчилари иштирок этдилар.

Тадбир иштирокчиларини қутлар экан, социология фанлари доктори, профессор Абдусалом Умаров китобнинг моҳияти ва аҳамияти ҳақида сўзлади. “Ҳозирги кунда адабиётнинг ички гўзаллиги ва бойликлари тўлароқ очиб беришга эътибор қаратиб келинмоқда. Абдулла Аъзам адабиётшунослик илмида биринчи бўлиб Алишер Навоий ғазалларини математик таҳлил асосида ўрганиб чиқди. “Муножотнома” китобида Абдулла Аъзам Алишер Навоийнинг насрий муножотини имкон қадар асар матнидан узмай талқин қилган”.

Тадбирда сўзга чиққанлар Алишер Навоий бадиий-маънавий меросининг ҳозирги ёшларнинг маданий-ахлоқий тарбиясидаги ўрнини алоҳида эътироф этдилар ҳамда академик Абдулла Аъзамнинг  “Муножотнома” номли китоби юзасидан ўз таассуротлари билан ўртоқлашдилар. “Муножотнома” китобида буюк ўзбек шоири ва мутафаккири Алишер Навоийнинг “Муножот” асари кенг ўкувчилар оммасига таҳлилий услубда тақдим этилган. Шу мақсадда “Муножот”нинг ўзига хос вазни ва қофиясига эътибор қаратилади, сўзларга атрофлича, анча эркин талқин қилинган луғат ҳамда шарҳлар, изоҳлар ва айрим қўшимча маълумотлар келтирилади. Навоий асарини мустақил ўқиш қулай бўлиши учун лугат ва шарҳлар “Муножот”га тегишли бандлари билан ёнма-ён жойлаштирилди. Бу асар улуғ шоирнинг сўнгги йилларида битилган асар. Ўзбек адабиёти учун буюк аҳамиятга молик битик ҳажман 100 банд атрофида. “Муножот”  асари жаҳон адабиётида ҳам ўзига хос ўринга эга ёдгорлик”, - деди “Movarounnahr” нашриёти масъул муҳаррири Абдул Жалил Хўжам.

Филология фанлари номзоди Сайфиддин Сайфуллоҳ ўз фикрини қуйидагича баён этди: “Биринчидан, “Муножот” Навоийнинг умри якуни арафасида Оллоҳга илтижоси, мурожаатидан иборат-ки, унда энг самимий туйғулари, қалбидаги энг чуқур ҳислари, дунёқараши ва эътиқодининг энг туб тамойиллари мужассам. Иккинчидан, асар ўзига хос бетакрор жанрда битилган. Уни ҳатто илоҳий илҳом маҳсули деб ҳам аташади. Шуни Абдулла Аъзам имкон даражасида исботлашга уринган”.

Академик Абдулла Аъзам китоб ҳақида сўзлар экан, деди: “Навоий “Муножот”и ҳар бир ўзбек қалбига етиб боришини орзу қиламан. Айниқса, у талабаларга ўқиш ва ўрганиш учун тавсия этилиши зарур. “Навоийни ўқинг” дея истак билдириш эриш туюлиши мумкин. Зеро, Навоий — инсоният тарихидаги буюк шахслар силсиласига мансуб зот, жаҳон шеъриятининг даҳоларидан бири. Унинг ижоди ва ҳаёти дунё олимларини ҳам лол қолдирмоқда. Шундай экан, ҳар бир ўзбек фарзанди Навоийни ўқиши, ўқиганда ҳам севиб, асарларидаги нафосатни туйиб, мазмунидаги теранликка интилиб ўқиши керак. Қолаверса, Навоийни ўқиш ҳам миллий қадрият ва ўзбеклик тимсолидир. “Муножот” шоирнинг “ўз ўзига мактуби” тарзида ёзилган асар. Ундаги кишини ларзага солувчи мазмун Навоий замондошларининг диққатини тортган ва ундан нусхалар кўчирилган”.

Тадбирда “Ниҳол” Давлат мукофоти совриндори Илёс Арабов Навоий ғазалларига басталанган қўшиқлар ижро этди.

Тадбир доирасида буюк шоир ва мутафаккир, ғазал мулкининг султони Алишер Навоий таваллудининг 578 йиллигига бағишланган “Эл нетиб топгай мениким...” номли адабиётларнинг очиқ кўргазмаси ташкил этилди. Унда Навоийнинг барча шеърий меросини деярли ярмини ташкил қилган, беш достонни ўз ичига олган буюк «Хамса» асари, дунё тилларига таржима қилинган ғазаллари, рубоийлари, ўз асарлари изоҳи,  ижтимоий-фалсафий ва ахлоқий ғояларга йўғрилган хикматлари ва турли афоризм, мақол ва маталлари тақдим этилган Навоийнинг танланган асарлари тўплами, Ойбек, Мақсуд Шайхзода ва бошқа шоир вам ёзувчилар томонидан турли даврларда Алишер Навоий ҳақида ёзилган асарлар ўрин эгаллаган.

 

КУТУБХОНА ТАВСИЯ ЭТАДИ
ТАҚВИМ