Бош саҳифа > ЯНГИЛИКЛАР > Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Эл суҳбатиники, орзу қилмишмен” деб номланган китоб-расмли кўргазма

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Эл суҳбатиники, орзу қилмишмен” деб номланган китоб-расмли кўргазма
12.02.2019

“Эл суҳбатиники, орзу қилмишмен,

Не хушлуғ ила бу гуфтугў қилмишмен”.

Заҳириддин Муҳаммад Бобур

2019 йил 12 февраль куни Ўзбекистон Миллий кутубхонасида ўзбек мумтоз адабиётининг йирик вакили, шоир, тарихчи, давлат арбоби, моҳир саркарда Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 536 йиллиги муносабати билан “Эл суҳбатиники, орзу қилмишмен” деб номланган китоб-расмли кўргазма очилди.

Китоб-расмли кўргазмада Бобур ва Бобурийлар ҳаёти ва ижодига даҳлдор адабиётлар, Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг танланган асарлари ўрин олган. Кўргазмага тақдим этилган китоблардан ташқари фойдаланувчилар турли йилларда Бобур юбилейларига атаб чоп этилган газета мақолалари билан ҳам танишиш имкониятига эга бўладилар.

Кўргазмада, албатта, асосий ўрин Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг шох-асари “Бобурнома” (Бобур ҳукмронлиги даврида Бобурийлар тарихи)га ажратилган. Ундаги воқеалар турли ходиса ва қарама-қарши ҳолатларнинг ечими тафсилотлари билан берилган. Улар шу воқеалар гувоҳи – шахсан Бобурнинг ўзи билан боғлиқ. Мазкур асарда кўпгина тарихий образлар (Темурийлар сулоласи вакиллари, харбий амалдорлар, олимлар, санъат ва маданият намоёндалари) мужассам. Бобурнинг адабий тили оддий ва ҳаммага тушунарли. У баландпарвоз ибораларни, мураккаб ифодаларни хуш кўрмас эди.

Орадан қарийб беш асрдан кўпроқ вақт ўтган бўлса-да, Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг лирик ғазал ва рубойилари, одоб-аҳлоқ, фалсафа, харбий соҳа борасидаги ўгитлари, панд-насихатлари долзарблигини йўқотмаган. Унинг асрлар мобайнида тобланган ижоди жаҳон фани ва маданияти тарихига муносиб ифтихор бўлиб кирган.

Кўргазмада шунингдек, Пиримқул Қодиров, Қамчибек Кенжа, Раҳим Воҳидов, Абдурашид Абдуғофуровларнинг Заҳириддин Муҳаммад Бобур сиймосини гавдалантириб, характерини кенг китобхонлар оммасига очиб берувчи тарихий асарлари ва Бобур асарларига шарҳлар тақдим этилган.

Ўзбек мумтоз адабиётининг йирик вакили, шоир, тарихчи, давлат арбоби, моҳир саркарда Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 536 йиллиги муносабати билан “Эл суҳбатиники, орзу қилмишмен” деб номланган китоб-расмли кўргазмага ташриф буюрган фойдаланувчилар Ўзбекстон Миллий кутубхонаси фондидан ўрин олган унинг ҳаёти ва ижоди ҳақида ҳикоя қилувчи адабиётлар билан танишадилар.

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси матбуот хизмати

КУТУБХОНА ТАВСИЯ ЭТАДИ
ТАҚВИМ